Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида янги Ўзбекистон ёшлар сиёсатининг халқаро эътирофи
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида янги Ўзбекистон ёшлар сиёсатининг халқаро эътирофи
“Бугун дунёда ёш авлод мисли кўрилмаган даражада кўпчиликни — 2 миллиарддан зиёдни ташкил қилмоқда. Бу инсоният тарихида ёшлар сонининг энг юқори кўрсаткичидир. Жаҳондаги ёшларнинг қарийб 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади ва улар аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этади.
Ёшлар — инновациялар, ғоя ва ечимларнинг битмас-туганмас манбаи. Бугунги кунда ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучдир. Шу боис, айнан ёш авлод зиммасига ёрқин келажак барпо этиш вазифаси ишониб топширилган. Халқаро ҳамжамият ҳар қандай мамлакат тараққиётида соғлом ва баркамол, ташаббускор, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар ўта муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этади. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “тинчлик, фаол иқтисодий ривожланиш, ижтимоий адолат, бағрикенгликни таъминлаш — буларнинг барчаси ва яна кўп нарсалар ёшлар имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ” эканини таъкидлайди. Сўнгги йилларда биргина ёшлар масалаларига доир БМТ доирасида 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат қабул қилинди.
БМТ Бош Ассамблеясининг Жаҳон ёшларига тегишли Ҳаракат дастурида (1995 йил) ёшлар ҳаётини яхшилаш борасида миллий ҳаракатлар ва халқаро қўллаб-қувватлашга оид сиёсат асослари ҳамда амалий тавсиялар белгиланди. Ҳаракат дастури ёшлар билан боғлиқ ўн бешта устувор йўналишни қамраб олган бўлиб, уларнинг ҳар бири амалий ҳаракатлар бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича қабул қилинган қарорида (2015 йил) можаро ва зиддиятларнинг олдини олиш ва ҳал этиш, шунингдек, тинчликни таъминлашда ёшларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Ёшлар сиёсати ва дастурлари ҳақидаги “Лиссабон+21” декларациясида (2019 йил) ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Декларацияда ёшлар қатламига кирувчи хотин-қизларга, қишлоқ ёшлари, ногиронлар, мигрантлар, заиф, ҳимоясиз ёки бошқа ҳар қандай асосда камситишга дуч келган гуруҳларга тегишли маргинал авлодга алоҳида эътибор берган ҳолда, уларнинг ўзига хос эҳтиёжларини таъминлаш муҳимлиги таъкидланади.
БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибида ёшлар фаровонлигини таъминлаш, жамият ҳаётидаги иштироки ва имкониятларини кенгайтириш барқарор ривожланиш ва дунёда тинчликни таъминлашнинг ўта муҳим омиллари экани эълон қилинди. Шу сабабли, Барқарор ривожланишнинг барча —17 мақсадида ва уларга эришиш йўлидаги 169 мақсадда ёшлар анфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида ўрин берилган. Шу билан бир қаторда, ёшлар муаммолари бандликни таъминлаш, ўспирин қизлар ҳолатини яхшилаш, тинчлик йўлида таълим ва спорт каби тўрт йўналишда белгиланган. Бундан ташқари, ёшлар барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнларида маълумотларни йиғиш, улардан фойдаланиш, маҳаллий ҳамда миллий ташаббусларни илгари суриш, мониторинг қилиш ва ҳисобдор бўлиш, шунингдек, эволюцион тараққиёт тўғрисида маълумот тайёрлаш орқали бевосита иштирок этади.
Жаҳон ёшларининг талаб-эҳтиёжларини қондириш, салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун БМТнинг “Ёшлар 2030” ёшлар стратегияси қабул қилинган. Ҳужжатда “ёшлар сармоя киритилиши лозим бўлган ўта қимматли ва ниҳоятда муҳим манба ҳисобланади, зеро, киритилган сармоялар кўп маротаба ўзини оқлай олади”, деб таъкидланган. Ёш авлод ҳуқуқ эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари COVID-19 пандемияси шароитида халқаро ҳамжамиятнинг алоҳида диққат марказида бўлди. Коронавирус инфекцияси ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатди, уларни тиббий хизматдан фойдаланиш, муносиб иш топиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш, ижтимоий яккаланиш, жамият ҳаётидан узоқлашиш билан боғлиқ янги муаммоларга мослашишга мажбур қилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, пандемия даврида мактаблар, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ёпилиши сабабли ўқиётган ёки таълим олишни иш билан бирга олиб бораётган ёшларнинг 70 фоиздан ортиғи маънавий ва моддий йўқотишларга дуч келди. Ҳозирда ёшлар дуч келадиган муаммолар шу даражада кўп қирралики, уларни ижобий ечишда давлатлар ва халқаро ҳамжамиятдан ҳар томонлама қатъий ҳаракатлар талаб этилмоқда.
2020 йил апрель ойида БМТ COVID-19 инқи розига қарши зудлик билан ижтимоий-иқтисодий чоралар кўришга оид умумлашган Дастурни эълон қилди. Ушбу Дастурда ёшларнинг саломатлик бўйича мустақил қарор қабул қилиши, соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва пандемияга қарши кураш йўлида ёшлар ташкилотлари, жамоат гуруҳлари ролини ошириш, соғлиқни сақлашга оид ишончли маълумотларни тарқатишда масъулиятни ўз зиммасига олиши борасида салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Интернет ва ижтимоий тармоқлар тараққий этган даврда ёшлар овози эшитилишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланган.
Бугунги кунда ташаббускор ёшлар пандемия муаммоси ечимига инновацион ёндашув ва ижтимоий таъсир орқали жавоб бермоқда. Дунёда ёш кўнгиллилар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашда, ижтимоий ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Қайд этиш лозимки, бундай шароитда халқаро ташкилотлар фаолиятида “ёшлар ўлчови” омили муттасил равишда ривожланиб бориши керак. Ёш авлод вакиллари ўз талаб-эҳтиёжларини қондирадиган, ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, ўзлари дуч келадиган муаммолар ечимини таъминлай оладиган кенг қамровли стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
Шу ўринда, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги тажрибаси халқаро ҳамжамият учун қизиқиш уйғотмоқда ва у дунёда кенг ўрганилмоқда. Хусусан, шу масала яқинда БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Ёшлар форуми, Женевада Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро семинар давомида кўриб чиқилди.
Ёшлар сиёсатини такомиллаштиришнинг янги босқичи
Бугун Ўзбекистон муҳим деографик чегарада турибди. 30 ёшгача бўлган ёшлар аҳолининг 60 фоизини ташкил қилади. Буни республика учун ўзига хос қимматбаҳо “демографик дивиденд”, деб аташимиз мумкин. Кейинги йигирма йил ичида бугунги болалар ва ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта ишчи кучига айланади. Демакки, ёшларни ривожлантиришга сармоя тўғри сарфланса, айнан шу йигит-қизлар Ўзбекистонни янги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига олиб чиқадиган авлод бўлиб шаклланади. Халқаро эътирофларга кўра, янги Ўзбекистон ёшлари жамиятни ўзгартиришнинг фаол субъекти ва одернизация жараёнлари учун муҳим манба, шунингдек, иқтисодий ўсиш, авлодлар аровонлигини таъминлаш йўлида бебаҳо инсон ресурсидир. Бугун мамлакатда ёшларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади ва бу доимо диққат марказида. Биргина сўнгги икки йил ичида соҳага оид учта қонун, Президентнинг ўнлаб фармонлари, қарорлари ва ҳукумат ҳужжатлари қабул қилинди. Шу муҳим ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси бўйича жуда кўп эзгу ишлар амалга оширилди. Ёшлар ишлари агентлиги ва Бош вазир раислигида ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш иш бошлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, Олий Мажлис палаталари қошида Ёшлар парламентлари фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда 30 июнь — Ёшлар куни, деб эълон қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида” амалга ошириш бўйича Давлат дастури, шунингдек, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида қатор муҳим вазифалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Концепцияда ҳал этишга қаратилган асосий вазифалар қаторидан жисмонан соғлом, маънан ривожланган йигит-қизларни тарбиялаш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий ислоҳотларга фаол жалб этиш масалалари ўрин олган.
Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий кўрсаткичи ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, энг муҳим вазифани ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда: бу — ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнес, ушбу йўналишдаги энг катта имконият ва манбаимиз”, деб ҳисоблайди. Шу боис, мамлакатда “Ёшлар дафтари”ни жорий этиш амалиёти бошланди. Бугунги кунда мазкур дафтарга 648 минг ишсиз ёш киритилган.
Улардан 283 минг нафари фақат 2021 йилнинг биринчи чорагида иш билан таъминланди. Яқинда давлатимиз раҳбари ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ёшларни иш билан таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни сезиларли даражада кенгайтирадиган бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Жорий йилда ҳам ишсизлар, ҳам тадбиркорликни энди бошлаганларга, шунингдек, иш берувчи ташкилотларга бир қатор имтиёзлар эълон қилинди. Жумладан, 1 майдан бошлаб корхона ва компанияларга ёшларни ишга қабул қилишда уларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га киритилган бешдан ортиқ ишсизни иш билан таъминлаган тадбиркорлар давлат мулкини ижарага олишда 50 фоизгача чегирмага эга бўлади, бинони ижарага олган ва ўз бизнесини бошлаган ёшларга йиллик ижара тўловларининг 30 фоизигача қопланади ва ҳоказо. Қолаверса, 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўташ учун 500 минг сўмгача бўлган субсидия олиши мумкин. “Ёшлар дафтари” аъзоларининг нодавлат таълим муассасаларида чет тиллари ва умумий таълим фанларини ўрганиш мақсадида сарфлаган харажатларининг бир қисми учун товон пули ҳам белгиланади.
Эндиликда 1 июлдан бошлаб янги ишга қабул қилинган ишчиларни қайта тайёрлаш учун хусусий корхоналарга 1 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Бундан ташқари, биринчи марта ишга қабул қилинган касб-ҳунар таълими марказлари битирувчилари олти ойгача даромад солиғидан озод қилинади. Касб-ҳунар билим юртлари ва техник мактабларда ёшларни ўқитиш учун тўланадиган шартнома миқдори даромад солиғи дан озод этилади.
Ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўргатиш мақсадида “1 + 1” дастури кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Бунда 100 минг ёшни ўқитиш, уларга кейинчалик имтиёзли кредитлар бериш назарда тутилади. Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг атиги уч ойи давомида мамлакат бўйлаб 21 мингдан ортиқ ёшлар турли соҳалардаги тадбиркорликка ўқитилди.
Ёшларни иш билан таъминлашга ёрдам берадиган яна бир муҳим соҳа — бу қишлоқ хўжалиги. Бугунги кунда 175 минг ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган. Уларнинг ҳар бири қишлоқ ўжалиги ишлари билан шуғулланиши учун ер участкасини олди. “Ёшлар дафтари” иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уруғлар ва кўчатлар сотиб олиш учун 2 миллион сўмгача субсидиялар ажратилади.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун қўшимча равишда 36 минг ижодий тўгарак ташкил этилди, уларга 874 мингга яқин ўғил-қиз жалб қилинган. Ҳозирда биргина “Баркамол авлод” болалар марказлари 175 минг болани қамраб олган. Ушбу муассасаларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, филиалларини ҳар бир мактабда ташкил этиш орқали ёшлар қамровини кенгайтириш вазифаси амалга оширилмоқда. Ёшларни спорт, маданият ва санъатга жалб қилиш, турли фестиваль, мусобақаларни ўтказиш, нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
Ёшлик — бу жўшқинлик, энг сермаҳсул ижодкорлик даври. Шу билан бирга, ушбу даврда ўғил ва қизлар нисбатан заиф бўлиб, қўллаб-қувватлашга, катталар диққат-эътиборига муҳтож. Халқаро миқёсда ёшлар муаммоларига эътибор қаратиш заруратига ҳам шу омиллар сабабдир. Буюк немис файласуфи Гёте шундай деган: “Гарчи бутун дунё олға ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, ёшлар бу жараённи ҳар сафар янгидан бошлаши керак”. БМТ доирасида ва ушбу ташкилотдан ташқарида ҳам ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласи тобора кўпроқ муҳокама марказида бўлиб келмоқда ва глобал ривожланиш даврида ушбу масалада бир неча қадам олдинга ташлаш тақозо этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласи бугунги ва эртанги кун ёшлари билан бевосита боғлиқ ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар ҳуқуқларини янада кенг таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслари кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Масалан, Ўзбекистон томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари ўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш тўғрисида илгари сурилган ташаббус нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки жаҳоннинг икки миллиарддан ортиқ ёшлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳам катта аҳамиятга моликдир. Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан тобора кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Дўстлар гуруҳи ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси ёшлар сиёсати соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишга қаратилган ҳаракатларни рағбатлантиришдан иборат.
2020 йил август ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган ва ёш авлод ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайдиган Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтди.
Форумда Ўзбекистон томонидан тайёрланган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция лойиҳаси муҳокама қилинди, БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилган “Ёшлар — 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари”, деб номланган Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюция А/74/998 рақами остида БМТнинг расмий ҳужжатлари тизимига жойлаштирилган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг доимий Кенгашида Самарқанд резолюцияси ЕХҲТнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди, шунингдек, бу ҳужжат Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатларига юборилиб, МДҲнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Мамлакатимизнинг ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилига бўлган содиқлиги Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши 46-сессиясидаги нутқида ҳам тасдиқланган бўлиб, унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилган.
Жумладан, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачини, БМТ ҳомийлигида ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясини таъсис этиш ҳамда бу конференцияни Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТ Бош котибининг Ёшлар бўйича махсус вакили, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идораси кўмагида ва бошқа халқаро, ёшлар ташкилотлари ҳамкорлигида жорий йилнинг август ойида ўтказиш режалаштирилган. Ушбу конференция ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва хал қаро минтақавий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш имконини беради.
Ёшлар сиёсати соҳасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилар эканмиз, янги Ўзбекистонда давлат идоралари, жамоат бирлашмалари ва ёшлар ўртасидаги муносабатлар сифатини яхшилаш учун жуда кўп эзгу ҳаракатлар амалга оширилаётганини таъкидлашни адолатдан, деб биламиз. Ёшлар мамлакатнинг барча муҳим тармоқларига жалб қилинган, вазирлик ва идораларда лавозимларни эгаллаб турибди.
Ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида ташкилотлар ҳам шаклланмоқда. Ёшларни ўқитиш ва ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш учун шароитлар яратилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ўз самарасини беришига ишончимиз комил. Зеро, Ўзбекистон — ёшлар мамлакати! Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун айнан ёшларимиз жавобгардир”.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари.