Жаҳон банки Ўзбекистонга 500 миллион доллар ажратди
Жаҳон банки Ўзбекистонга 500 миллион доллар ажратди
Жорий йилнинг 11 июль куни Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500 млн долларлик қарз битимини имзолашди.
Ўзбекистон томонидан битимни Бош вазирнинг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Л.Бурунчук имзоладилар.
Имзолаш маросимида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантованелли, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев ҳамда Банк ва тегишли идораларнинг бошқа вакиллари иштирок этдилар.
Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 млн доллар ва 224 млн доллар миқдорида молиялаштирилади.
Қайд этиш жоиз, қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон ЯИМнинг 28 фоизини ташкил этади. Соҳанинг умумий экспортдаги улуши 10 фоизга тенг.
Кредит шартномаларни имзолаш маросимида Сардор Умурзаков - «Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар қишлоқ жойларида кўпроқ ҳақ тўланадиган иш ўринларининг яратилишига, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамланишига ва Ўзбекистон фермерлари ва агросаноат корхоналарининг экспорт даромадларини ўсишига имкон беради. Ушбу мақсадларга эришиш учун ҳукумат Жаҳон банки ва бошқа халқаро шериклар билан яқин ҳамкорлик қилади. Банк томонидан молиялаштирилаётган янги лойиҳа қишлоқ хўжалигини бозор ва рақобатбардош тармоққа айлантиришга ҳисса қўшади, шунингдек, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларимизга давлат хизматлари тақдим этилишини сезиларли даражада яхшилайди», деб қайд этди.
Ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналари вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳатлар, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ўсиши ҳисобига уларнинг ички ва халқаро бозорларда иштироки кенгаяди.
Шунингдек, лойиҳада маҳаллий тижорат банкларининг иштироки туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш, шунингдек, энергетик ва сувни тежайдиган технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишни назарда тутган ҳолда экспортга йўналтирилган қўшимча қиймат занжирларини кўпайтириш учун улардан фойдаланиш истиқболлари билан узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб қилиш имкониятига эга бўладилар.
Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради. Лойиҳа тадбирлари уруғчиликни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, муайян ҳудудларга мўлжалланган агроэкологик иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистондаги ўсимликларнинг ноёб генетик материалларини сақлаш масалаларига қаратилган бўлади.
Таъкидлаш керакки, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш» йилида ҳужжатларни имзолаш электрон имзо билан амалга оширилди ва Жаҳон банкининг минтақада ушбу форматда имзоланган биринчи ҳужжатига айланди.
2017 йилда Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланиши билан Жаҳон банкининг молиявий ва техник ёрдами сезиларли даражада ошди. Бугунги кунда ташкилотнинг умумий қиймати 4,4 млрд АҚШ долларига тенг 23 та лойиҳадан иборат бўлган Ўзбекистон бўйича дастури Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастури ҳисобланади.