Ўзбек-Француз ҳамкорлиги – ўзаро яқинлашиш сари
Ўзбек-Француз ҳамкорлиги – ўзаро яқинлашиш сари
Жорий йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С. Умурзаков ва Франция Республикаси иқтисод ва молия вазири Б. Ле Мэр ўртасида видеоконференция орқали музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар давомида томонлар икки мамлакат орасидаги инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид бир қатор масалаларни муҳокама қилдилар.
Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Европага амалга оширган биринчи расмий ташрифи ҳам айнан Францияга бўлиб ўтган. Томонлар ушбу ташриф давомида эришилган келишувлар натижасида француз ҳамкорларимиз иштирокида Ўзбекистонда геологик қидирув, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларидаги қатор стратегик муҳим лойиҳалар амалга оширилаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар.
Франция компанияларининг ҳозирги кундаги технологик ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон томони ушбу компанияларнинг юртимизда автомобил ва бутловчи қисмлар, фармацевтика, озиқ-овқат, қурилиш, электротехника маҳсулотлари ва маиший электр анжомларини ишлаб чиқариш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишидан манфаатдор эканлигини билдирди. Суҳбат давомида келишилган «МЕДЕФ» Франция тадбиркорлари ҳаракати вакилларининг ҳукуматимиз ва ишбилармон доираларимиз вакиллари билан музокаралар ўтказиш ҳамда янги савдо-инвестиция лойиҳалар пакетини шакллантириш мақсадида Ўзбекистонга бўлиб ўтадиган ташрифи ушбу йўналишдаги ҳамкорликка туртки сифатида хизмат қилади.
Томонлар Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш борасидаги масалаларда Франция ва Европа Иттифоқининг тегишли идоралари билан эришилган келишувлар ва ҳамфикрлилик кейинчалик ҳам ўзаро товар айирбошлашни жадаллаштириш ва ҳажмини ошириш доирасида ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг Франция бозорига кириб боришини осонлаштиришини таъкидладилар.
Шу боисдан, томонлар мавжуд товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ўзаро савдо таркибидаги маҳсулот турларини кўпайтириш зарурлигини айтиб ўтдилар.
Маълумот учун: Франция Ўзбекистоннинг Европадаги энг фаол савдо шериклари қаторида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб туради. 2019 йилда мамлакатларнинг товар айирбошлаши 10 фоизга ошди. 2020 йилнинг биринчи чорагида ҳам ушбу ижобий ўзгариш (+4,5%) сақланиб қолмоқда.
Шу билан тенг равишда француз томони Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда. Франция компаниялари консорциуми иштирокида “Белдерсой-Чимғон-Нанай” умуммавсумий халқаро курортини барпо этиш бўйича лойиҳани амалга ошири режалаштирилган.
Музокара давомида Франция томони Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, “ГСП+” имтиёзлар тизимидан фойда олувчи мамлакат мақомини олиш ва Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолаш масалаларида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар танланган ўзаро яқинлашиш ва келажакдаги иккитомонлама алоқаларни мунтазам равишда кенгайтириш йуналишидаги ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар – Француз томони билан эришилган келишувларни сифатли амалга ошириш ва ҳамкорликнинг янги йуналишларини ишлаб чиқиш мақсадида мутахассислар даражасида, жумладан, видеоконференция орқали маслаҳатлашувлар ўтказилади.