Янги Ўзбекистоннинг рақамли савдо ва электрон логистика тизими: Денгизга чиқиш имконияти йўқ мамлакатларнинг янги иқтисодий имкониятлари
Рақамли Ўзбекистоннинг бугуни
Маълумки, иқтисодий ва технологик тараққиётнинг янги босқичи сифатида намоён бўлаётган рақамли инқилоб ер юзида инсоният ҳаётини буткул ўзгартириб, кенг имкониятлар яратиш билан бирга, халқаро рақобат майдонининг янада кескинлашув даврини бошлаб берди. Бу борада, сўнгги йилларда миллий иқтисодиётимизни тубдан модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва давлат бошқаруви тизимига рақамли технологияларни жорий этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли қарори қабул қилиниши мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан,
- инвестициявий ва тадбиркорлик фаолиятини турли шаклларни диверсификация қилиш учун крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни, жумладан майнинг, смарт-контракт, консалтинг, эмиссия, айирбошлаш, сақлаш, тақсимлаш, бошқариш, суғурталаш, крауд-фандинг (жамоавий молиялаштириш) технологияларини жорий этиш;
- блокчейн технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини яхши тушунадиган, амалий иш кўникмаларига эга малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш;
- крипто-активлар бўйича фаолият ва "блокчейн" технологиялари соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда зарур ҳуқуқий базани яратиш;
- рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун инновацион ғоялар, технологиялар ва ечимларни жорий этиш соҳасида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадлари илгари сурилди.
Чунончи, мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг ажралмас таркибий қисми бўлиб, унинг асосий мақсади маъмурий тартиб ва таомиллардан ўтишни соддалаштириш, аҳоли турмуш сифатини ошириш, инвестиция
ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган.
Бугун юртимизда иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш давлатнинг стратегик йўналишларидан бирига айланган. Бироқ, барчамизга маълумки, Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имконияти йўқлиги боис, географик чекловлар юзага келиб, халқаро савдо ва логистикада муайян қийинчиликлар туғдиради. Бундай шароитда, 2025 йил 23 июнь куни мамлакат етакчиси томонидан ташқи савдо ва транспорт-логистика соҳаларида ўтказилган йиғилиш, минтақадаги кескин геосиёсий вазият фонида, ушбу муаммога комплекс ва инновацион ечимлар топиш заруриятини янада долзарблаштирди.
Глобал чақириқ ва миллий имкониятлар
Яқин Шарқда кескинлашган вазиятда глобал савдо йўлларига, шу жумладан, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларига чиқиш йўлларига салбий таъсир этиши табиий. Давлат раҳбари томонидан қайд этилганидек, бу каби вазиятлар транспорт харажатларининг 30 фоизгача ошишига олиб келиши мумкин. Бу эса экспортчи корхоналар учун жиддий муаммо, чунки уларнинг рақобатбардошлигига путур етказади. Шу боис, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, юкларни бошқа хавфсиз портларга кўчириш ва муқобил йўлларни келишиш каби чораларнинг аҳамияти юқори. Бу жараёнда электрон логистика воситаларидан фойдаланиш нафақат харажатларни оптималлаштириш, балки янги бозорларга тез ва самарали кириш имкониятини ҳам яратади.
Электрон логистика: Транспорт-логистика соҳасидаги инқилоб
Электрон логистика (e-logistics) – бу товарларнинг ҳаракатланишини бошқариш, кузатиш ва оптималлаштириш учун рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнидир. Бу ўз ичига рақамли ҳужжатлар айланиши, юкларнинг жойлашган ўрнини аниқлаш, уларнинг ҳаракатини кузатиш, етказиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш (Big Data) асосида оптимал маршрутларни аниқлаш, хавфларни камайтириш, таъминот занжиридаги ҳар бир қадамни шаффоф ва ўзгармас тарзда қайд этиш, автоматлаштириш каби жараёнларни ўз ичига қамраб олади. Ўзбекистон шароитида электрон логистика денгизга чиқиш имконияти йўқ мамлакатнинг географик чегараларини “кенгайтириш” учун муҳим аҳамиятга эга. Бу, биринчидан, трансчегаравий савдода маълумот алмашинуви тезлигини ошириб, божхона расмийлаштируви ва транзит жараёнларини тезлаштиради. Иккинчидан, ташиш харажатларини камайтиришга ёрдам беради, чунки оптималлаштирилган маршрутлар ва камроқ бюрократия ресурсларни тежайди. Учинчидан, глобал таъминот занжирига интеграциялашувни осонлаштиради, бу эса Ўзбекистон маҳсулотларининг халқаро бозорларга кириб боришини рағбатлантиради
Тизимда янги стратегия
Президент йиғилишида берилган топшириқлар, хусусан, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларга қўшимча бозорлар топиш ва ишлаб чиқаришни изчил давом эттириш вазифалари ижроси электрон логистикани кенг жорий этишда янги иқтисодий имкониятларни яратади. Бунда қуйидаги мақсадли қўллаб-қувватлашлар - ҳукумат экспортчи корхоналар учун электрон логистика платформаларига киришни осонлаштириши, уларни молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, масалан, рақамли платформалар учун субсидиялар, электрон ҳужжатлар тизимларини жорий этишда техник ёрдам бериш каби чоралар орқали амалга оширилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш - қўшни ва ҳамкор давлатлар билан рақамли логистика коридорларини яратиш, электрон ахборот алмашинуви бўйича келишувларга эришиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Сабаби аниқ – “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Марказий Осиё ва Хитой-Европа йўналишларида электрон логистика тизимларини ривожлантириш Ўзбекистонга катта фойда келтиради.
Инфратузилмани ривожлантиришда темир йўл, автомобиль йўллари ва авиация инфратузилмасини модернизация қилиш билан бирга, уларни рақамли технологиялар билан интеграциялаш долзарб масала. Чунки “Ақлли омборлар” ва автоматик саралаш тизимларини жорий этиш логистик самарадорликни оширади. Соҳа тараққиёти учун эса биринчи навбатда кадрлар салоҳиятини ошириш сув ва хаводек зарур. Шунинг учун электрон логистика тизимлари билан ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлаш, олий таълим муассасаларида ва касб-ҳунар коллежларида бу йўналишдаги дастурларни кучайтириш эҳтиёжи юзага келди.
Янги давр сари қатъий қадамлар
Сўнги давр мобайнида Ўзбекистон дунёдаги рақамлашув жараёнларини жиддий қабул қилган ҳолда, электрон иқтисодиётни жорий қилишда жадал қадамлар ташлаяпти. Хусусан, электрон савдо (e-commerce) ва электрон логистика (e-logistics) соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат мамлакат ичидаги бизнес муҳитини яхшиламоқда, балки Ўзбекистонни минтақа ва жаҳон бозорларига янада яқинлаштирмоқда.
2021–2025 йиллар Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт учун тамал тошини қўйди, десак муболаға бўлмайди. Бу давр мобайнида “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, 2025 йилдан эътиборан эса
e-tijorat операторлари учун янги қоидалар кучга кирди. Ҳукуматнинг
2024 йил 28 декабрда қабул қилган 885-сонли қарори асосида, ҳар қандай электрон савдо фаолияти юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган компания томонидан амалга оширилиши шарт қилинди. Бундан буён электрон савдо операторлари махсус реестрга киритилади, улар учун алоҳида банк ҳисоб рақамлари очилади, солиқ ва реклама қоидаларига қатъий риоя этиш талаб қилинади. Айниқса, электрон тўлов тизимларини жадал интеграция қилиш, давлат органлари билан маълумот алмашиш жараёнларининг автоматлаштирилиши савдо айланмаси очиқлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Электрон логистика – рақамли йўллар ва юклар
Юк ташиш ва логистика соҳаси ҳам рақамлашувдан четда қолмади.
2025 йил бошида Ўзбекистонда “e-Logistika” платформаси ишга туширилди. Ушбу платформа юк ташиш, маршрут кузатуви, хизматлар танлови ва тарифларни электрон тарзда бошқариш имконини бермоқда. Бу нафақат логистика компаниялари, балки экспортёрлар, фермерлар ва кичик тадбиркорлар учун ҳам катта енгиллик яратди.
Божхона тизимидаги рақамли ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бермоқда: экспорт расмийлаштириш 20 дақиқагача қисқартирилди, импорт божхонасидаги операциялар эса 3 соатда якунланмоқда. Бу орқали мамлакатда ташқи савдо ҳажми 8 баробарга ошди, 2024 йил якунида божхона даромадлари 63 триллион сўмга етиб, тарихий рекордни қайд этди.
Инфратузилма ислоҳотлари – Ўзбекистон транзит марказга айланмоқда
Ўзбекистоннинг логистика соҳасидаги бош мақсади — ўзини минтақавий транспорт узели сифатида шакллантириш. Бу мақсадда Қозоғистон орқали Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига старт берилди. Шунингдек, Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўли бўйича ҳам амалий ишлар бошланган. Бу темир йўллар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконини кенгайтиради.
Транспорт ва логистика соҳасини ривожлантириш бўйича 2025–2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди. Унда рақамлашув, экспорт инфратузилмаси, мультимодал логистика марказлари ва сунъий интеллект (AI) асосида божхона назорати каби устувор вазифалар белгиланган.
Ислоҳотлар самараси – дунёга очилаётган дарвоза
Электрон тижорат ва логистика соҳаларидаги ислоҳотлар Ўзбекистонни рақобатбардош рақамли бозорга айлантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Миллий компаниялар эндиликда нафақат маҳаллий бозорда, балки халқаро майдонда ҳам рақобат қила олади. Ташқи савдо тезлиги, очиқлиги ва автоматлашув даражаси бундан кейин ҳам юқори суръатда ўсиши кутилаяпти.
Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш мақсадида бундан беш йил аввал Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши том маънода Ўзбекистон ҳаётида глобал тараққиётга ҳамоҳанг равишда тарихий бурилиш даври бошланганини тасдиқлади. Албатта, жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва технологик ривожланиш шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини рақамли иқтисодиётсиз тасаввур қилиш қийин.
Мамлакатнинг электрон иқтисодиёт соҳасидаги бу қадамлари шунчаки технологик янгиланиш эмас — бу янги фикрлаш, янги иш юритиш услуби, янги Ўзбекистондир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимизнинг
23 июнь кунги йиғилиши моҳиятан Ўзбекистоннинг ташқи савдо ва логистика соҳасидаги муҳим вазиятга тезкор ва аниқ жавоб беришга қаратилганлигини кўрсатди. Денгизга чиқиш имконияти йўқ мамлакат сифатида Ўзбекистон учун электрон логистика нафақат географик чекловларни енгиб ўтиш, балки янги иқтисодий имкониятлар эшигини очиш учун стратегик аҳамиятга эга. Рақамли технологияларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш орқали Янги Ўзбекистон глобал таъминот занжирининг муҳим ва ишончли бўғинига айланиш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва халқининг фаровонлигини ошириш йўлида муҳим қадам ташлайди.
“Дунё” АА