Ўзбекистон-Франция: Умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташриф билан Францияда бўлади.
Франция ривожланган индустриал-аграр мамлакат бўлиб, саноат ишлаб чиқариши бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Иқтисодий салоҳият бўйича Франция дунёнинг энг ривожланган етти давлати қаторига киради. Бу ядровий давлат ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан бири, шунингдек, Европа Иттифоқи ва халқаро майдонда муҳим роль ўйнайди.
Франция Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 3 январда тан олган ва мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган. 1993 йил 27 октябрда “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланиши билан муносабатларнинг кейинги динамикаси мустаҳкамланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Францияга буюрган расмий ташрифлари, шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг 2023 йил ноябрь ойида мамлакатимизга ташрифи барча соҳалардаги сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни изчил ривожлантиришга янги суръат қўшди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил ноябрь ойида Парижга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари юқори даражадаги ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришга келишиб олган эди.
Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги идоралараро даражадаги ҳамкорлик кенг йўналишларни қамраб олади. 2023 йил 2 ноябрь куни икки давлат раҳбарлари иштирокида таълим, маданий мерос ва ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш соҳаларига оид бир қатор келишувлар имзоланди.
Бундан ташқари, 2023 йил 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ташриф чоғида муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти эълон қилинган эди. “Яшил” энергия, хомашё қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм соҳаларида янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Парламентлараро ҳамкорлик, делегациялар алмашинуви, икки мамлакат парламентларидаги дўстлик гуруҳлари фаолияти, парламентлараро бирлашмалар ва кўп томонлама парламент тузилмалари томонидан ташкил этилаётган халқаро тадбирларда иштирок этиш орқали изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Франция парламентарийларининг ўзаро ҳамкорлиги тажриба алмашиш, глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш, шунингдек, кўп томонлама даражадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Франция Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда, унинг ўн бешинчи давраси 2024 йил 27 май куни бўлиб ўтди. Унда икки давлат дипломатлари Ўзбекистон-Франция муносабатларининг бугунги ҳолати, олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалаларини муҳокама қиладилар. Шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек, турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Франция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти каби халқаро тузилма ва ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳар икки томон глобал ва минтақавий даражада хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш истагини яна бир бор тасдиқлайди. Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, шунингдек, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни тезроқ имзолаш борасидаги саъй-ҳаракатларини янада қўллаб-қувватлашга тайёр.
Икки давлат савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор. Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва сармоявий имкониятлар франсуз бизнеси вакилларини тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Франция технологияларини жалб этиш ва саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида илғор тажрибалардан фойдаланиш, ўзаро сайёҳлик алмашинувини кенгайтиришдан манфаатдор. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг “GSP+” имтиёзли тизимининг бенефициари мақомини олгани савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 14 фоизга ошиб, қарийб 1,2 миллиард долларга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда француз шериклар иштирокидаги 50 та корхона, жумладан, 23 таси 100 фоиз француз капитали билан фаолият юритмоқда.
“Total Eren”, “Veolia”, “EDF”, “Orano”, “Lactalis”, “Carrefour” ва “Shiever” каби жаҳон миқёсидаги компаниялар Ўзбекистонда энергетика, геология-қидирув, озиқ-овқат саноати ва чакана савдо соҳаларида фаол ишлаяпти. Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Ўзбекистонда шаҳар инфратузилмаси, “яшил иқтисодиёт”, санитария, гидроэнергетика ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади. 2022 йилнинг ноябрь ойида ФТА билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган бўлиб, у 1 миллиард евролик лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади.
2023 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ва 2024 йил май ойида Парижда 60 нафар Франция компанияси раҳбарлари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон-Франция бизнес-форумлари ҳамда Франциянинг “МЕДЕФ Интернасиональ” тадбиркорлик ҳаракати билан икки томонлама бизнес-форуми, шунингдек, улар натижасида имзоланган келишувлар ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик юқори эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
2024 йил 4 июнь куни Париж шаҳрида 10-мажлиси бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Ушбу платформадаги мулоқот ҳамкорликнинг янги ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш имконини беради.
Ўзбекистон ва Франция маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга интилмоқда, бу эса ҳар икки маданиятни бойитиш ва халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
2022 йил ноябрь ойида машҳур Лувр музейида Ўзбекистоннинг бой маданий меросига бағишланган “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасининг очилиши маданият соҳасидаги ўзбек-француз ҳамкорлиги тарихидаги ёрқин воқеа бўлди. 2023 йилнинг мартигача давом этган кўргазмада Ўзбекистондаги 16 та музейдан 138 та ноёб ашё, шунингдек, Франция, Буюк Британия ва АҚШнинг йирик музейларидан 31 та экспонат ўрин олди. Ушбу кўргазма билан бир вақтда Араб дунёси институтида “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу муваффақиятли ўтказилган йирик маданий тадбирлар Франция ва халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, 2023 йил сентябрь ойида “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” мавзусидаги кўргазма ҳам европаликларнинг эътиборини тортди ва Ўзбекистоннинг илмий меросини яна бир карра кенг тарғиб қилиш имконини берди.
Таълим ва фан соҳасида, айниқса, Ўзбекистон таълим муассасаларида француз тили ва адабиётини ўрганиш борасида ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги 602 та мактабда 141,3 минг нафардан ортиқ ўқувчи, шунингдек, 11 та олий ўқув юртида 15 минг талаба француз тилини ўрганмоқда.
2018-2023 йилларда таълим соҳасида туризм, археология, дизайн ва мода, француз филологияси, авиация, инклюзив таълим, бизнесни бошқариш, энергетика, сиёсатшунослик, авиация ва бошқа йўналишларда 50 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзоланган.
2019 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Париж халқаро мода академиясининг қўшма факультети очилди. Бухоро давлат университетида туризм ва меҳмондўстликни бошқариш бўйича “Vatel” бизнес мактабининг филиали очилди, Тошкент давлат транспорт университетида 3D моделлаштириш бўйича Ўзбекистон-Франция инновацион маркази фаолият кўрсатмоқда. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат транспорт университетида Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан ҳамкорликда фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби фаолият юритмоқда.
2023 йил ноябрь ойида Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида “Франция альянси”нинг иккинчи филиали очилди.
Ўз навбатида, Сорбонна университети ҳузуридаги Миллий Шарқ тиллари ва цивилизациялари институтида ўзбек тили курслари очилди ва у Францияда ўзбек маданиятини тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, кейинги йилларда Тошкент ва Парижда таълим форумлари ўтказилди. Ўзбекистонга Франциянинг Гавр-Нормандия университети, Париж-Саклай университети ва “Parij Pantheon-Assas” университетлари делегациялари келди.
Маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш доирасида Самарқанд ва Лион, Бухоро ва Руэй-Мальмезон шаҳарлари, Жиззах вилоятининг Зомин тумани ва Флёр шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.
Франция Тиббиёт академиясида Абу Али ибн Сино бюсти ўрнатилган. Шунингдек, Руэй-Мальмезон, Тулуза, Гретц-Арменвиль шаҳарларида икки давлат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар тимсолига айланган Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Абу Райҳон Беруний ҳайкаллари ўрнатилди ва “Ўзбек боғлари” барпо этилди.
Илмий ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, Темурийлар даври санъати ва тарихини ўрганиш ассоциацияси ҳамда “Авиценна-Франция” уюшмасининг Франциядаги фаолиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу уюшмалар Ўзбекистон маданий ва илмий меросини ўрганиш ҳамда уни Франция кенг жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилишга катта ҳисса қўшаётир.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. 2022 йил март ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Париж марказий шифохоналари тармоғи “AP-HP” билан шошилинч тиббий ёрдам, педиатрия, гинекология, гематология ва онкология соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Париж шаҳрида бўлиб ўтган “French Healthcare Innovation&Business Forum”да иштирок этиб, унинг доирасида тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди ва унинг якунлари бўйича тегишли шартномалар имзолади.
Францияда ҳам ўзбек спортининг анъанавий тури – миллий курашга қизиқиш жуда юқори. Хусусан, 2022-2023 йилларда Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича иккита халқаро турнир ўтказилди.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон-Франция муносабатлари жадал ривожланиб, сиёсат ва иқтисодиётдан тортиб, фан, маданият ва таълимгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга бўлажак давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, ташриф давомида илгари суриладиган янги ташаббус ва имзоланадиган келишувлар икки томонлама шерикликни янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
“Дунё” АА