“Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференциянинг Самарқанд декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди
Ўзбекистон маҳалла институти тўғрисидаги ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси расмий ҳужжати сифатида инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларида тарқатилди.
Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, ҳужжат ташкилот журналида унинг барча расмий тилларида эълон қилинган ҳамда аъзо давлатлар ва ташкилотнинг таркибий бўлинмалари ўртасида кенг тарқалди.
БМТнинг расмий ҳужжати 2024 йил 2-5 октябрь кунлари бўлиб ўтган “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференциясининг Самарқанд декларациясига асосланади.
Унда маҳалланинг жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, ёшлар ўртасида инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этиш, авлодлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшаётган ноёб институт сифатидаги фаолияти батафсил ёритилган.
БМТ томонидан эълон қилинган материалда Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалланинг жамиятдаги мавқеини ошириш, унинг ролини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган изчил ҳамда тизимли ислоҳотлар, шунингдек, унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда асосий ва муҳим бўғин сифатида ишлашини таъминлаш бўйича вазифалар қайд этилган.
Айниқса, маҳалла бугунги кунда жамиятнинг барча жабҳаларини ислоҳотларни амалга оширишга сафарбар этувчи фаол ва таъсирчан ижтимоий тузилмага, аҳоли ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини, муаммоларини изҳор этиш, ечим топиш учун қулай масканга айлангани алоҳида таъкидланади.
Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали хотин-қизларни, ёшларни, жамиятнинг барча қатламларини қўллаб-қувватлашда маҳаллаларнинг муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
БМТ ҳужжатига кўра, маҳалланинг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ролини сезиларли даражада кучайтириш зарур. БМТ тузилмалари, жамғармалари ва дастурлари маҳаллани ушбу мамлакатда болалар учун бўлиши мумкин бўлган энг яхши нарсалар учун асосий манзил ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш учун кучли платформа сифатида қаралиши таъкидланди.
“ЮНИСЕФ маҳаллани ўғил-қизлар, жумладан, ногирон болалар соғлом улғайиши, тўғри овқатланиши, тоза сув ва санитария шароитлари, безорилик ва зўравонликлардан холи яшаши, тоза ҳаводан нафас олиши мумкин бўлган хавфсиз муҳит сифатида кўради. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маҳаллаларни фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида эътироф этиб, уларни адолат тамойилларига асосланган дастурлар орқали қўллаб-қувватлайди”, – дейилади ҳужжатда.
Халқаро ташвиқотни кучайтириш ва жаҳон ҳамжамиятини маҳалланинг ўзини ўзи бошқариш тизими билан яқиндан таништириш ва халқаро ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
«Дунё» АА