Душанбеда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мазмун- моҳияти муҳокама қилинди
ДУШАНБЕ, 10 июль. Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасида мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳамда Қорақалпоғистонда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Тожикистон илмий-академик доиралари вакиллари, олимлар, сиёсатшунослар ва экспертлар иштирок этди.
Элчи Эргаш Шоисматов иштирокчиларга Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ва ҳудудда вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот тақдим қилди.
Давра суҳбатида Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари институти катта илмий ходими Виктор Ким Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсати дунёдаги сиёсий вазият ўзгаришидан қатъи назар, танланган курснинг изчиллиги ва ўзгармаслиги билан ажралиб туришини таъкидлади. «Сўнгги олти йил ичида Ўзбекистон, биринчи навбатда, ички сиёсатда туб ўзгаришларни намойиш этмоқда. Жамиятни демократлаштириш, ўтмиш қолдиқларини йўқ қилишга қаратилган бу ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда, - деди Виктор Ким.- Шунингдек, ушбу ислоҳотлар Ўзбекистон халқи томонидан ижобий қабул қилиниб, тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда».
Тожикистондаги Россия-Тожикистон (славян) университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори Гўзал Майитдинова конституциявий ислоҳотлар давлатни янада ривожлантириш ва Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун ишончли ҳуқуқий асос яратишини билдирди.