Йилнинг тўртинчи чорагида БААнинг бюджетли авиакомпанияси Абу-Дабидан Тошкент ва Самарқандга парвозлар амалга оширишни режалаштирилмоқда
ТОШКЕНТ, 10 июль. Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафоев “WizzAir Abu Dhabi” (БАА) бошқарувчи директори Майкл Берлуи бошчилигидаги делегация билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ИТСВ маълумотига кўра, WizzAir Abu Dhabi – Абу Даби халқаро аэропортида жойлашган кам бюджетли авиакомпания, Бирлашган Араб Амирликларининг ADQ давлат инвестиция компанияси ҳамда Wizz Air Holdings халқаро холдинг томонидан ташкил этилган қўшма корхонасидир.
Авиакомпаниянинг Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби ва Абу-Даби – Самарқанд – Абу-Даби йўналишларида ҳар бир йўналиш бўйича ҳафтасига 4 рейсдан иборат мунтазам қатновларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувларнинг аҳамияти ва долзарблиги алоҳида таъкидланди. Парвозлар жорий йилнинг 4-чорагидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган.
Арзон нархларда хизмат кўрсатувчи “WizzAir Abu Dhabi” компанияси раҳбарияти кам бюджетли нархларда парвоз йўналишларини кенгайтириш бўйича режалари билан ўртоқлашди. Ҳусусан, янги рейсларнинг ишга туширилиши БАА ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво транспортига бўлган талабни қондиради, чипталарнинг оммабоплигини таъминлайди, икки мамлакат ўртасида йўловчилар ташиш ҳажмини кўпайтиради. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқаришга ижобий таъсир кўрсатади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ тадбирларни белгилаб олди.