Саудия Арабистонидаги ватандош: Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг бугунги ва истиқболдаги барқарор тараққиёти учун муҳим ҳуқуқий замин яратади
ЖИДДА, 10 июль. Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар юзасидан Мадина шаҳридаги Подшоҳ Фаҳд номли шифохона шифокори, Ўзбекистон фуқароси Аброр Шаматов ўз муносабатини билдирди.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон тараққий этиб боргани сари Конституцияни ҳам такомиллаштириб, демократик тамойилларга мослаб бориш зарурияти юзага келмоқда. Конституция эркинлик ва қадр-қиммат, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда давр билан ҳамнафас бўлиши керак.
Шу боис, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Айниқса, Ўзбекистон Бош қомусига «Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади» деган меъёрнинг киритилиши чет элдаги барча юртдошларимизга ғурур ва қувонч бахш этади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан чет элларда яшаётган фуқаролар билан тизимли асосда ишлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ўзбекистоннинг ўз фуқароларига кўрсатаётган бундай эътибори ва ғамхўрлиги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тез орада ўзининг ижобий натижаларини беришига ишонаман.
Умуман олганда, янги Конституция сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини барқарорлаштириш ва изчил давом эттиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг бугунги ва истиқболдаги барқарор тараққиёти учун муҳим ҳуқуқий замин яратади.