БААдаги ватандошлар билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеаларга бағишланган учрашув ўтказилди
ДУБАЙ, 9 июль. Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Бирлашган Араб Амирликларида турли соҳаларда вақтинча ишлаб келаётган фуқароларимиз, фаол ватандошларимиз ва ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган конституциявий ислоҳотлар, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси, Бош қомусга киритиш таклиф этилаётган ҳар бир модданинг мазмун-моҳияти ва уларнинг янги Ўзбекистон келажаги учун аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Ватандошларимиз Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмунини чуқур ўрганишга, уларга бефарқ бўлмасликка ва мазкур ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашишга чақирилди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларни «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформасига юбориши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги кунларда содир бўлган воқеаларнинг асл келиб чиқиш сабаблари ҳақида маълумот берилди.