Хорижий ОАВ: Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мамлакат тарихида янги тараққиёт даври бошланганидан далолат бермоқда
ТОШКЕНТ, 9 июль. Хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг боришини кенг ёритишда давом этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, Британиянинг «Open Central Asia Magazine» журналида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов қаламига мансуб «Янги Ўзбекистон конституциявий ислоҳотларга интилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди.
Нашрда “Янги Ўзбекистон” концепциясини амалга ошириш доирасида 2022 йил 20 май куни мамлакатда Конституциявий комиссия тузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар британиялик ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган. Конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти чуқур таҳлил қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда аҳоли фикр-мулоҳазалари ва ташаббусларини тўла инобатга олиш мақсадида референдум орқали ўзгартишларни қабул қилиш таклифи билан чиққани таъкидланган. Давлат раҳбари янги Конституцияда халқ манфаатлари, эркинликлари ва қадр-қимматини таъминлаш учун қўшимча кафолатлар, шунингдек, «Ўзбекистон - ижтимоий давлат» ғоясини мустаҳкамлаш устуворлигини таъкидлади, деб урғулайди журнал.
Туркиянинг «Босфор» интернет-портали журналисти Мустафо Маси қаламига мансуб мақолада «Ўзбекистон сиёсий ҳаёт, давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, жамият ҳаётида фуқаролар фаоллигини ошириш ва фуқаролик асосларини шакллантириш йўлидаги дадил ҳаракатларни намойиш этмоқда», дея таъкидланади.
Муаллиф умумдавлат ва ҳудудий манфаатлар мувозанатини таъминлаш, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида аҳоли иштирокини сезиларли даражада кенгайтириш, давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизациялашда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришда ижобий натижаларга эришилганини қайд этган.
Россиянинг оммабоп «Аргументи и факти» ҳафталик газетасида чоп этилган мақолада изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон замон талаблари даражасида ривожланаётгани таҳлил қилган.
Мақолада Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейинги дастлабки беш йил ичида мамлакат сиёсий тизими жиддий ўзгаришларга юз тутгани таъкидланган. «Сайлов кампанияси даврида очиқ қабулхоналарни ташкил этилиши янги етакчининг муҳим инновацион қарори бўлди, - дейилади мақолада. - Бу Ўзбекистон ҳаёти учун катта ютуққа айланди. 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди ва Президентнинг мунтазам фаолият олиб борадиган Халқ қабулхоналари ташкил этилди».
«2016 ва 2021 йиллардаги Ўзбекистонни таққослаб шуни айтиш мумкинки, республика ўз тараққиётида изчил суръатларда сакрашга эришди. Беш йил ичида у минтақадаги энг жадал ривожланаётган, инвестициявий жозибадор иқтисодиётлардан бирига айланди, сайёҳларни ўзига тортадиган масканга айланди», деб ёзади манба.
«Радио Петербург» Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулини эфирга таклиф қилиб, мамлакатимиз Конституциясини ислоҳ қилишнинг мақсад ва вазифалари хусусида суҳбат уюштирди.
Дипломат ўз интервьюсида Ўзбекистон Президенти мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиққанини таъкидлади.
Бош консул петербурглик радиотингловчиларга Ўзбекистон раҳбарининг конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги қарашлари ҳамда ушбу масала бўйича миллий референдум ўтказиш таклифи ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Конституциядаги айрим моддалар, хусусан, 1-моддада давлатчилик шакли, Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий мақомини янгича таъриф билан ўзгартириш таклиф этилаётгани таъкидланди. Бундан ташқари, ҳужжатга «ҳуқуқий давлат», «ижтимоий давлат» ва «дунёвий давлат» каби тушунчалар киритилаётгани айтилди.
Конституциявий ислоҳотлар очиқ ва ошкора амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди, фуқаролар муҳокамада иштирок этиши ва ўз таклифларини билдириши учун барча имкониятлар яратилгани урғуланди. Айни пайтда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтаётганига эътибор қаратилди.
Эроннинг «ITNA Online News» ахборот агентлиги Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти «Инсон – жамият – давлат», «Янги Ўзбекистон – фаровонлик давлати» тамойилларини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш, халқпарвар давлат қуриш, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлашга қаратилганини маълум қилган.
Мақолада Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар ташаббускори мамлакат халқи экани, лекин Бош қомусга ўзгартишлар киритишнинг ғоявий илҳомлантирувчиси Президент Шавкат Мирзиёевлиги таъкидланган. Конституциявий ислоҳотлар тизимли ва жадал амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга асосланган бўлиб, ушбу янгиланишлар жараёнининг ўзига хос натижаси, демократик индикатори ҳисобланиши қайд этилган.
Нашрда муштарийлар эътибори, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини қўллашдан иборат эканлигига қаратилган.
«Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мамлакат тарихида янги тараққиёт даври бошланганидан далолат беради, - дея қайд этади агентлик. – Янги даврнинг энг муҳим йўналишлари давлат ва бошқарув органлари, уларнинг раҳбарлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш бўйича фаолиятини «Инсон қадр-қиммати учун» деган эзгу тамойил асосида ташкил этишида ўз ифодасини топади».