Латвия янгиликлар портали Ўзбекистон Президентининг халқимизга мурожаатининг мазмун-моҳияти ҳақида мақола эълон қилди
РИГА, 9 июль. Латвиянинг етакчи янгиликлар порталларидан бири - «Mixnews.lv»да Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Нашрда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу воқеалар муносабати халқимизга йўллаган мурожаати мазмуни ёритиб берилган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга ғаразли кучларнинг режа ва ҳаракатларига давлатнинг аниқ ва тезкор жавоб бера олишга кучи ҳамда имкониятлари етишини маълум қилганига алоҳида эътибор қаратилган.
«Юз берган воқеаларни таҳлил қилар эканмиз, биз бир нарсани ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: агар ўз вақтида қатъий чора кўрилмаса, меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз ўн йиллар давомида машаққат билан эришган ютуқ ва марралар ғаразли ташқи кучларнинг таъсири билан жиддий хавф остида қолиши мумкин экан.
Агар доимо ҳушёр ва огоҳ, қатъиятли бўлиб иш кўрмасак, юртимиз, хонадонларимиз тинчлиги ва осойишталиги, фарзандларимиз келажаги осонгина хавф остида қолиши ҳеч гап эмас экан.
Мана шу ҳақиқатни, бугунги кунда қандай нотинч ва мураккаб замонда яшаётганимизни жойлардаги барча раҳбарлар яна бир бор ҳар томонлама чуқур тушуниб олишлари лозим», дея давлатимиз раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради «Mixnews.lv».
Мақолада таъкидланганидек, воқеалар юзасидан холисона текширув ўтказилиб, унга жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаоллар жалб этилади.