Ўзбекистон Конституциявий комиссияси раисининг мақоласи Ҳиндистондаги нуфузли журналда чоп этилди
ДЕҲЛИ, 9 июль. Ҳиндистоннинг «Diplomatist» журналида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидовнинг «Конституциявий ислоҳотлар – сайловчилар ҳоҳиш-иродаси, замон талаби» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда сўнгги ойлар мамлакатимиз ҳаётида конституциявий-ҳуқуқий асосларнинг барқарор ривожланиши ва мустаҳкамланиши, янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс асосларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар, хусусан Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишлар жараёни сингари муҳим ҳодисаларга бой бўлаётгани далиллар асосида ёритиб берилган.
Хусусан, мақолада шу йил 20 май куни Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия ташкил этилгани қайд этилган. Таъкидланганидек, мазкур Конституциявий комиссия таркибига барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар (жами 46 киши) киритилди.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.
«Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид биринчи таклиф ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида бўлиб ўтган учрашуви чоғида илгари сурилган эди, - деб ёзади Акмал Саидов.
Материалда нафақат минтақавий, балки жаҳон кўламига эга экологик фожеа — Орол денгизи қуриши билан боғлиқ вазият амалдаги Конституцияда ўз аксини топмагани, инсоннинг экологик ҳуқуқлари, юртимиз аҳолисининг яшаб турган ва бўлажак авлодларининг қулай ва тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларининг мамлакат Бош қомусида акс эттиришнинг долзарблиги ва ҳаётий аҳамияти таъкидланган.
Энг муҳими, келтирилган барча масалалар сайловчилар, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлари вакиллари — мамлакатнинг оддий аҳолиси томонидан кўтарилди, дейилади мақолади.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда катта тажрибага эга. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Конституциянинг 21 моддасига 32 та ўзгартириш ва қўшимча киритилган. Ўзбекистоннинг конституциявий тараққиёти умумжаҳон конституциявий ислоҳотлари йўлидан кетмоқда.
Нашрда, шунингдек, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг тўққизта устувор йўналиши белгилангани маълум қилинган ва улар батафсил таҳлил қилиб берилган.
Мақола хулосасида «Конституциявий ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақини янада юксалтиришга, унинг иқтисодий қудратини ва дунёдаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз», деб ёзади Акмал Саидов.