Нью-Йоркдан муносабат: Конституциявий ислоҳотлар халқимизнинг кўп йиллик хоҳиш-иродасидир
НЬЮ-ЙОРК, 8 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги “Mahalla USA” диаспорал жамияти раҳбари Абдумалик Аҳмедов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар туфайли қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган тарихий-сиёсий воқеаларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз ва жамоамиз билан ўз фикрларимизни билдиришга ҳаракат қилаяпмиз.
Ушбу конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан янада тараққий эттиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эрикинликларини мустаҳкамлаш, “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топишига қаратилганини таъкидлаш мумкин.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши ҳамда ғамхўрлик қилиши, биз каби Ватандан узоқда яшаётган ўзбекистонликлар учун ғурур ва қувонч бахш этади.
Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришлар мамлакатимиз фуқароларининг Ўзбекистонда ёки хорижда бўлишларидан қатъий назар, кўп йиллик хоҳиш-иродасини ифодалайди, деган фикрдаман.