Ўзбек дипломатлари Хитойнинг Ганьсу провинциясида таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашди
ПЕКИН, 8 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси вакиллари томонидан Ланчжоу шаҳрида Ганьсу провинциясида яшовчи ва таълим олувчи ватандошлар иштирокида мамлакатимизда ўтказилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ватандошларимизга бугунги кунда юртимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давом этаётгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга эҳтиёж халқимизнинг хоҳиш-истаги, сиёсий иродаси, эзгу мақсадларининг ифодаси ҳамда Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбирда ватандошларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
Фаррух Азимов, хусусий тадбиркор:
– Хитойнинг Ланчжоу университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, бугунги кунда бизнес билан шуғулланмоқдаман.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар хорижий инвесторларнинг ҳам эътибор марказида бўлиб келмоқда. Айнан шу муносабат билан Хитой олий билим юртида олган билим ва амалий кўникмаларимни Ватанимиз равнақи йўлида ишлатиш, Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтиришга бағишлашга бел боғлаганман.
Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотлар Янги Ўзбекистон мақсадларига тўлиқ мос келади, деб ҳисоблайман.
Янги конституциявий ислоҳотлар халқ ва фуқаролар билан бамаслаҳат, ўзаро муҳокамалар орқали олиб борилаётгани Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва унинг фикрларига эътибор бошқача эканини фида этаётганини таъкидлашни истар эдим.
Барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар бундан-да юксак натижаларга эришишимизга ва мамлакатимизни дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига олиб чиқишига ишончим комил.