Токиода Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди
ТОКИО, 8 июль. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегациянинг Японияга ташрифи доирасида бугун Япония парламентида мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар – инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг асоси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти Администрацияси, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Барқарор ривожланиш маркази вакилларидан иборат делегация аъзолари ҳамда Япония ташқи ишлар вазирининг парламентар ўринбосари Таро Хонда, ушбу мамлакат парламенти аъзолари, сиёсий, академик ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад Япония жамоатчилигини Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг мазмун–моҳияти ва аҳамияти билан таништириш ва ушбу масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборат бўлди.
Делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий давлат, ёшлар масалалари бўйича киритиш таклиф қилинаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида маърузалар қилинди ҳамда батафсил маълумот тақдим этилди.
Япония сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари халқаро конституциявий тажриба ҳақида сўз юритиб, конституциявий ислоҳотларда маҳалла, конституцион суд, экология йўналишларида тегишли таклифлар билдирди. Тадбирда иштирок этган ватандошлар ҳам таклифларини илгари суриб, фаол фуқаролик позициясини намойиш этди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, дунёдаги илғор конституциявий амалиётни жорий этиш бўйича фикр-мулоҳазалари ва қарашларини билдирди.