Ўзбекистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари телефон орқали мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
ТОШКЕНТ, 7 июль. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов кеча Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейхун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга томонларнинг тайёрлиги тасдиқланди.
Вазирлар келгуси тадбирлар жадвали, шу жумладан, Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркия» шаклидаги уч томонлама учрашув ташкил этиш юзасидан келишиб олди.
Жейхун Байрамов Қорақалпоғистонда тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни Озарбайжон тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши ҳар қандай ҳаракатларга йўл қўймаслик муҳимлиги қайд этилди.