Ўзбекистон делегацияси Япония Халқаро алоқалар институтида учрашув ўтказди
ТОКИО, 7 июль. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегация Японияга сафари доирасида бугун Япония Халқаро алоқалар институти (JIIA) бош директори Томоко Ичикава билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси, Адлия вазирлиги, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакилларидан иборат делегациянинг Кунчиқар мамлакатга ташрифидан кўзланган мақсад Япония расмий идора ва таҳлилий марказлари вакилларини Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг мазмун–моҳияти ва аҳамияти, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришдаги ўрни ҳақида хабардор қилишдан иборат.
Учрашувда Япония вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда конституциявий ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништирилди.
Япон томони, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва кенг кўламли ўзгаришларни, хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги йўналишидаги сай-ҳаракатларни юқори баҳолаб, ушбу жараёнга қизиқиш катта эканини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда томонлар минтақавий ва халқаро ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистон таҳлилий марказлари ва JIIA ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳам фикр алмашди.
Мамлакатимиз делегациясининг Японияга ташрифи давом этмоқда.