Президент: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди
Президент: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди
«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган байрам тантанасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табрик нутқи сўзлади.
Шавкат Мирзиёев нутқи давомида мамлакатдаги демократик жараёнлар тўғрисида сўз юритди.
“Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.
Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!”, деди Президент.
Ўзбекистон Президенти шунингдек, ёшларга кенг йўл очиб бериш, уларга ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш ҳамиша эътибор марказида бўлишини таъкидлади.
“Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.