ХХР ТИВ: Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди
ТОШКЕНТ, 5 июль. Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь кеча ўтказилган брифинг чоғида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларга муносабат билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хитой ТИВ расмий вакилининг таъкидлашича, Хитой томони бир неча кун аввал Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалардан хабардор. «Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, деб таъкидланди баёнотда.
«Хитой томони шунга аминки, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон мамлакатда осойишталик ва бирликни сақлашга қодирдир», деди Чжао Лицзянь.