Ўзбекистон ТИВ раҳбари Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили билан телефон орқали мулоқот қилди
ТОШКЕНТ, 5 июль. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов кеча Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель билан телефон орқали мулоқот қилди.
ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил мамлакатимизда ўтказилиши кутилаётган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклидаги ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича вазирлар конференцияси ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Европа томонининг 2022-йил 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Европа томонига Қорақалпоғистондаги мавжуд ҳолат, вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик, ҳудудда тинчлик, осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.