Германиядаги ватандош: Фуқаролик жамиятига асосланган Янги Ўзбекистонни биргаликда қўлни-қўлга бериб барпо этайлик
БЕРЛИН, 5 июль. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга Германияда истиқомат қилаётган ватандошимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Аброр Ғафуров, Innovative Water and Environmental Solutions (IWES) ташкилоти ижрочи директори:
– Мамлакатимиз Бош қомусига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартиришлар давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги замонавий даврда халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, айнан ўзбекистонликлар иродасини ўзида тўлақонли акс эттиради. www.meningkonstitutsiyam.uz платформаси орқали барча фуқароларимиз қаерда бўлишидан қатьий назар, ўз фикр ва таклифларини эркин ифода этишмоқда ва натижада ушбу ўзгартиришлар Конституциявий комиссия томонидан жамланди.
Бош қомусимизга киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришларнинг туб маъно-моҳияти, менинг фикримча, авваламбор фуқароларимиз фаровонлигини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборатдир.
Мисол учун, шахсан ўзим бир неча йиллардан бери Германияда истиқомат қиламан ва Европадаги кўплаб ҳамюртларимиз билан, ўзбекча қилиб айтганда, борди-келди қиламан. Аксар ҳолларда Чехия ва бошқа давлатларда оғир ахволга тушиб қолган қолган ватандошларимиз ҳақида эшитиб ачиниб кетаман.
Шу сабабли, Бош қомусимизга чет элда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиниши ва ривожлантирилиши, айни қайтда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилиши борасидаги пунктларни қўшилиши кўриб чиқилаётганлигидан бағоятда мамнунмиз.
Биз қаерда бўлмайлик ўзбекистонликмиз ва ўз давлатимиз ривожи учун қўлдан келганча ҳиссамизни кўшишга тайёрмиз. Албатта, давлатимиз томонидан биз, хориждаги ўзбекистонликларни бирлаштириш, жипслаштириш ва, кези келса, ўзбекистонликлар диаспораларини ташкил этилишига кўмаклашиши, дунёнинг турли бурчакларида бўлишига қарамасдан, ватандошларимизнинг ўз ўринларини топишига ва юртимиз равнақи учун биргаликда бир ёқадан бош чиқаришига замин яратади.