Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганининг 30 йиллиги Анқарада нишонланди
АНҚАРА, 4 июль. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Оламни маҳлиё айлаган диёр” шиори остида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туркиядаги ёшларимиз ва ватандошларимиз иштирок этган тадбир давомида давлат ва миллатнинг мавжудлиги, халқнинг менталитети, орзу-ўйлари, тафаккур тарзи, руҳияти ва ўзига хослиги унинг рамзларида акс этиши ва бундай рамзлар орасида давлат герби ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев “Мамлакатимиз ўз мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ кўп асрлик тарихимизни, миллий ва давлат тажрибаси ва анъаналарини ифодалаган ўз гербига эга бўлди. Давлат герби - давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади ва ўзида миллий ғуруримизни, тарихий ва маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради”, деб алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида давлат гербининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, мақсади ва вазифалари, ёшлар учун тарбиявий аҳамияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан давлат гербига бағишланган шеърлар ўқиб эшиттирилди.