Саудия Арабистонидаги ватандош: Ўзбек халқи билдирилган барча таклиф-мулоҳазалар ва фикрларни атрофлича ўрганиб, ўзларининг фаровон келажаги учун тегишли қарор қабул қилишига ишончим комил
Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар юзасидан Жидда шаҳрида истиқомат қилаётган, асли ўзбек миллатига мансуб бухорийлар диаспораси вакили, “Aziz office for traveling” туристик компанияси раҳбари Абдулмажид Азиз ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонунига ўзгартишлар киритиш ва янгиланган Конституцияни қабул қилиш бўйича олиб борилаётган жараённи катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдамиз.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни халқнинг хоҳиш-истаги, эзгу мақсадларининг ифодаси ва мамлакатда олиб борилаётган ўзгаришларнинг мантиқий давоми, деб аташ мумкин.
Шу ўринда, Конституцияга “ватандошлар” тушунчасининг киритилаётгани таҳсинга сазовор бўлиб, бу ҳаракат, ўз навбатида, хорижда яшовчи ўзбек миллатига мансуб миллатдошларимизга Ватан билан боғлиқ ҳиссиётни янада кучайтиришга имкон беради.
Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини юксалтириш ва мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш каби эзгу ниятлар мужассамлиги ҳаммага аёндир.
Умуман олганда, кенг жамоатчилик томонидан янги Конституция лойиҳасининг муҳокамаси қилиниши муҳим воқеадир. Доно ўзбек халқи билдирилган барча таклиф-мулоҳазалар ва фикрларни атрофлича ўрганиб, ўзларининг фаровон келажаги учун тегишли қарор қабул қилишига ишончим комил.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига ушбу муҳим тадбирни ўтказишда муваффақият тилайман.